Отабек Каримов

Президентимизнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда, аввало, урушда қатнашган, мардлик ва жасорат кўрсатган барча уруш фахрийларини, шулар қаторида фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни, бутун халқимизни табриклаш, уруш майдонларидан қайтмаган, бугунги мусаффо осмонимиз учун жон берган ватандошларимиз хотираси олдида бош эгиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан, деган сўзлари халқимиз ўзининг жасур ўғлонларини ҳеч қачон унутмаслиги, юксак қадрлашининг яна бир тасдиғи бўлди.

Дарҳақиқат, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни барпо этиш, истиқлолимизни мустаҳкамлаш, озод ва обод диёримиз тинчлигини сақлаш йўлида жон фидо қилган инсонлар хотирасини эъзозлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Андижон вилояти Олтинкўл туманида туғилиб ўсган Отабек Каримов ҳам Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги йўлида жонини қурбон қилган жасур ўғлонлардан эди. У жуда қисқа, аммо ўзгаларга ибрат бўларли ҳаёт кечирди.

– Отабек ниҳоятда камтар, лекин қатъиятли, мард ва бир сўзли йигит эди, – дейди Олтинкўл тумани “Офтобачек” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Ҳожиматов. – Ҳар бир ишга масъулият билан ёндашарди. Маҳалламиз аҳли у билан ҳақли равишда фахрланарди.

Болалигидан тиришқоқлиги ва мақсад сари интилувчанлиги билан ажралиб турган Отабек мактабда аъло баҳоларга ўқиди. Тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бокс билан жиддий шуғулланди. Ушбу спорт тури бўйича туман, вилоят ва мамлакат миқёсида ўтказилган кўплаб мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди. Ҳарбий бурчни намунали адо этиб, эл-юрт тинчлиги, осойишталиги йўлида хизматни давом эттирди. Миллий хавфсизлик хизматидаги фаолияти давомида топширилган ҳар қандай вазифани аъло даражада адо этиши, бурчига садоқати ва фидойилиги билан сафдошларига ибрат бўлди.

Марҳум Отабек Каримовнинг яқинлари, маҳалладошлари, ҳамкасблари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Офтобачек маҳалласида бўлиб ўтган хотира тадбирида унинг инсоний фазилатлари, мард ва жасурлиги ёдга олинди.

– Дадам билан фахрланаман, – дейди тумандаги 1-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Самандар Иброҳимов. – Дадамнинг фазилатларини ўзлаштиришга ҳаракат қиламан. Ҳозир Олтинкўл тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида таэквондо билан шуғулланмоқдаман. Келажакда мен ҳам дадам каби Ватан ҳимоячиси бўлишни мақсад қилганман.

– Беш фарзандни тарбиялаб, вояга етказдик, – дейди Мақсудахон ая. – Лекин Отабек бошқача эди. Ака-сингилларига меҳрибон ва ширинсўз болажоним, афсуски, ҳаётдан эрта кетди. Мен ва мен каби оналар тинч ухласин, хотиржам яшасин, деб жон фидо қилди. Юртимизга, халқимизга наф келтирган ўғил ўстирганимдан фахрланаман. Унинг хотирасини ёд этиб, мана шундай тадбир ўтказилаётганидан беҳад хурсандман. Ватанимизнинг мард ва жасур ўғлонлари хотирасини ёд этиб, оиласига эҳтиром кўрсатаётган барча инсонлардан миннатдорман. Бу каби хайрли ишлар ташаббускори ва раҳнамоси бўлган Президентимизга минг раҳмат. Илоҳим, юртимиздаги тинчлик-осойишталик барқарор бўлсин. Ватан, халқ деб ўтганлар ёди ҳеч қачон унутилмайди.

Манба: ЎзА

Сайтидаги ўзгаришлар
Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год;Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год;Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Доба