Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири Тошкентда аккредитациядан ўтган дипломатия миссияларининг айрим раҳбарлари билан суҳбатда бўлди.
Қуйида Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Владимир Тюрденев ушбу муҳим сана муносабати билдирган фикр-мулоҳазалар ҳамда самимий қутловлар ўз аксини топган.
- Владимир Лвович, суҳбатимиз муҳим воқеа - Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллик юбилейи арафасида ўтаётгани қувонарли ҳолдир. Давлат ва жамият қурилиши соҳасида мамлакатимиз эришган муваффақиятлар юзасидан Сизнинг фикрларингизни билиш бизга мамнуният бағишлайди.
- Ўзбекистонда мустақиллик йиллари давомида мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ўсувчанлигини, давлат ва жамоатчилик тизимларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаган чуқур ислоҳотлар ўтказилди.
Маълумки, давлатчиликнинг ўзбек модели моҳиятан кучли ижтимоий йўналтирилганлиги билан ажралиб туради. Мамлакатда оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар катта ҳурматга сазовордир. Ёшларга бениҳоя катта эътибор кўрсатилмоқда - ўсмир болалар ва қизлар ўзларини намоён этишлари ҳамда сифатли таълим олишлари учун борган сари катта имкониятлар эшиги очилмоқда. Соғлиқни сақлаш, спорт, илм-фан ва маданият соҳаларини ривожлантириш юзасидан жиддий ишлар олиб борилмоқда. Муносиб инфратузилма, замонавий спорт мажмуалари, тиббиёт муассасалари, барча шароитларга эга бўлган дам олиш масканлари барпо этилди.
Шубҳа йўқки, бу муваффақиятлар - меҳнаткашлиги, юксак маънавияти, аниқ мақсад сари интилувчанлиги ва қийинчиликларни бартараф этиш қобилияти билан ҳурмат ва ном қозонган ўзбек халқининг хизмати. Айнан ана шундай сифатлар давлат ва жамият барқарор тараққиётининг гарови ҳисобланади.
- Иқтисодий ривожланиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Сиз ўзбек иқтисодиёти барқарор ўсиши таъминланишининг ҳаракатлантирувчи кучи нимада деб ўйлайсиз?
- Ўзбекистоннинг иқтисодий муваффақиятлари танланган самарали стратегия - миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг ўзбек модели билан боғлиқ. Кўп жиҳатдан мулкчилик шаклларини тубдан ўзгартириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, корпоратив бошқарув тамойиллари ва ёндошувларини ўзгартириш бўйича тизимли чора-тадбирлар туфайли иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатларига эришилди. Республикада саноатни модернизациялаш ишлари олиб борилаётгани, мулкдорлар ва хусусий тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини кафолатлаш ва ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламининг қабул қилингани, тадбиркорлик субъектлари тузиш ва улар фаолиятини йўлга қўйиш соддалаштирилгани ҳамда енгиллаштирилгани иқтисодиётга жалб этилаётган сармоялар ҳажмлари оширилишини таъминламоқда.
Мева-сабзавотчилик, боғдорчилик ва чорвачилик ҳамда маҳсулотларни саноат йўли билан қайта ишлаш изчил ривожланиб бормоқда. Аҳоли даромадларини кўпайтириш ва одамларнинг ҳаёт даражаси ҳамда сифатини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг барқарорлигида муҳим ўрин тутади.
Шуни қайд этишни истардимки, Россия - Ўзбекистон савдо- иқтисодий алоқалари изчил ривожланиб бормоқда ва улар яхши истиқболларга эгадир. Иқтисодий ҳамкорлик, ҳйеч муболағасиз, мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг энг асосий қирраларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳамон Россиянинг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари орасидаги асосий савдо шерикларидан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг қарийб 18 фоизи бизнинг мамлакатимиз ҳиссасига тўғри келади. Россия Ўзбекистоннинг энг йирик сармоявий шерикларидан бири ҳамдир. Сўнгги йиллар давомида Россия компаниялари томонидан ўзбек иқтисодиётига 6 миллиард АҚШ долларидан зиёд миқдордаги сармоя киритилди. Республикада салкам 900 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда, Россияда эса ўзбек капитали асосида 500 дан зиёд корхона тузилди.
- Яхши анъанага кўра, Ўзбекистонда ҳар йил муайян ижтимоий йўналишга бағишланади. Жорий йили “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Шу ўринда Сизнинг ушбу дастур ва республикада ижтимоий соҳанинг ривожланиши тўғрисидаги фикларингизнинг билишни истар эдик.
- Ўтган йили мамлакатда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури амалга оширилди, 2016 йил эса Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилинди. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бу ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг ҳаққоний ва мантиқий давоми бўлиб қолди. Аёллар ва болалар саломатлиги муҳофазаси, ҳар томонлама баркамол, жисмонан ва маънан соғлом авлод тарбияси бу сиёсатдаги устуворлик ҳисобланади.
Жумладан, бу йўналишда муваффақиятларга эришиш учун оила, оналик ва болалик муҳофазасига оид қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий заминини мустаҳкамлаш, зарур ижтимоий, маиший ва тиббий шароитларни яратиш бўйича изчил ишларни давом эттириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, таълим тизимининг ролини кучайтириш устувор вазифа этиб белгиланди.
2016 йил мамлакатда “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилиниши Ўзбекистон раҳбариятининг гуллаб-яшнайдиган давлатни барпо этиш йўлида янги муваффақиятларга эришишга бўлган қатъий содиқлигидан далолат берадики, бунда соғлом авлоднинг ўрни алоҳидадир. Оналик муҳофазаси ҳар қандай мамлакат учун муҳимдир, чунки соғлом бола - кучли давлат ва ҳар қандай миллат келажагининг асоси.
- Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элатлар вакиллари истиқомат қилишади. Миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича ўзбек моделининг ноёблигини бутун дунё жамоатчилиги эътироф этди. Ҳурматли элчи жаноблари, ўзбек жамиятида толерантлик муҳитининг ҳукмронлиги юзасидан Сизнинг фикрларингизни билишни истар эдик...
- Толерантлик Ўзбекистонда ўзининг кўп асрлик илдизларига эга. Айнан шу заминда турли-туман миллатлар, динлар ва анъаналар ўзаро яқин ҳамкорликда, ёнма-ён ҳаёт кечирган. Турли цивилизациялар бир-бирига қўшни бўлган, дунё маданиятларининг бир-бирини глобал бойитиши жараёнлари рўй берган.
Мустақиллик йиллари давомида кўп миллатли Ўзбекистон барқарорликни, миллатлараро ва динлараро тинчлик муҳитини сақлаб қолди. 130 дан зиёд миллат ва элатлар, 16 диний конфессия вакиллари истиқомат қиладиган, Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп мамлакатда ҳамжиҳатлик ва толерантлик муҳитининг қўллаб-қувватланиши бўйича ўзбек тажрибаси замонавий дунёда ноёб ҳисобланади. Бу, шубҳасиз, мазкур масалага катта эътибор қаратаётган ва самарали ижтимоий сиёсат юритаётган республика раҳбариятининг хизматидир.
Шуни таъкидлаш зарурки, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатлик ўзбек халқи феъл-атворидаги фазилат, кўп асрлик яхши қўшничилик ва меҳмондўстлик анъаналарининг инъикоси ҳисобланади. Бу, айниқса, Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистоннинг 1,5 миллион эвакуация қилинган одамларни қабул қилганида яққол намоён бўлган эди. Улар орасида қамалдаги Ленинград, Белоруссия, Полша ва Украинадан олиб келинган қарийб 300 минг етим болалар бор эди.
- Замонавий Ўзбекистон - халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти...
- Мамлакатимиз ХХИ асрда давлатлараро ҳамкорлик фақат халқаро ҳуқуқ ва БМТнинг марказий мувофиқлаштириш роли асосида, том маънодаги тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг манфаатлари ўзаро ҳисобга олинган ҳолда қурилиши мумкин, деб билади.
Россия Федерацияси иттифоқчимиз ва стратегик шеригимиз - суверен Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик мустаҳкамланишига катта аҳамият қаратади. Конструктив сиёсий мулоқот амалга оширилмоқда, иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда, гуманитар ҳамкорликнинг кўламлари кенгаймоқда.
- Марҳамат қилиб, мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиши истиқболлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларингизни ўртоқлашсангиз...
- Биз Россия - Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик борасида ажралиб турадиган бир-бирини тўғри тушуниш ва ўзаро ишончнинг юқори даражасини қадрлаймиз. Мамлакатларимиз бир-бирининг барқарор ривожланиши ва гуллаб-яшнашидан, минтақада ҳамда халқаро майдондаги нуфузининг ошиши ва ўрнининг мустаҳкамланишидан манфаатдордир.
Россия ва Ўзбекистон халқаро минбарларда, биринчи навбатда, БМТ, МДҲ ва ШҲТ доирасида мазкур ташкилотлар ваколатига алоқадор бўлган кенг қамровли масалаларда ўзаро фикр алмашиш бўйича муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда.
Мамлакатларимиз етакчилари - Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўртасидаги мунтазам мулоқот икки томонлама ҳамкорликнинг бутун тизими ривожланишида катта рол ўйнайди. Давлатингиз раҳбарининг жорий йил 25-26 апрель кунлари Россияга буюрган ташрифи чоғида қатор йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, хавфсизлик, маданият ва спорт соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўллари белгилаб олинди.
Ҳукуматлараро комиссия Россия - Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришнинг муҳим механизми ҳисобланади. Унинг навбатдаги ўн еттинчи йиғилиши жорий йил 24-25 март кунлари Москвада бўлиб ўтди.
Изчил ривожланиб бораётган Россия - Ўзбекистон муносабатларининг асосини мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги асрий дўстлик ва ўзаро кўмаклашиш анъаналари ташкил этади. Ишончим комилки, улар бундан кейин ҳам шитоб билан ривожланиб бораверади.
- Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига қандай тилакларни изҳор этишни истар эдингиз?
- Ушбу фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонликларни мамлакат барча фуқаролари миллий бирлигининг ёрқин рамзи бўлган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни байрами билан чин қалбимдан табриклайман!
Мустаҳкам сиҳат-саломатлик, эзгулик, эсон-омонлик ҳамда фаровонлик ва тинчликка хизмат қиладиган барча эзгу ниятларнинг рўёбга чиқишини тилайман. Ҳар бир оилада осойишталик, фаровонлик ва қут-барака ҳукмрон бўлсин!