Отабек Муҳаммадиев

1993 йилда умумтаълим мактабини аъло баҳолар билан тугатган. 1993-1995 йиллар тумандаги ип йигирув фабрикасида ишчи бўлиб фаолият юритган. 1995 йил май ойида муддатли ҳарбий хизматни ўташга жўнайди ва шу даврда унингқалбида ҳарбийлик касбига ҳавас уйғониб, фаолиятини миллий армиямиз сафида шартнома бўйича давом эттиради. 2000 йил мамлакатимизнинг жанубий сарҳадларида бир гуруҳ жангарилар билан бўлиб ўтган тўқнашувдақаҳрамонларча ҳалок бўлган. Отабек Муҳаммадиев номини абадийлаштириш учун туғилиб ўсган маҳалласи ва у ўқиган мактабга номи берилган ҳамда ёдгорлик ўрнатилган.

Ватан учун қурбон бўлган жигарларим,

Ор-номусни баланд тутган жигарларим,

Ҳурлик учун жонин тиккан жигарларим,

Унутмайди номингизни Она Ватан!

Хотира абадий. Ўтганлар ёди мангу. Уларни хотирлаш, қадрлаш, юрт тинчлиги йўлида жасорат кўрсатганларни эъзозлаш халқимизга хос улуғ фазилат.

Она Ватан осойишталиги, халқ фаровонлиги учун жонидан кечган, ўз хизмат ва конституциявий бурчига, Ҳарбий қасамёдига содиқ бўлиб, юрти ва халқи учун кўкрагини қалқон қилган, жасорат кўрсатиб, душманга тик боққан ва қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларимиз ҳар он, ҳар лаҳза эъзозимизда, қалбимиз тўрида мангу яшайди. Уларнинг кўрсатган жасоратлари, қаҳрамонликлари мустақиллик ҳавосидан нафас олиб улғаяётган юртимизнинг ёш авлодига катта ўрнак, намунадир. Бундайин жасорат, юртга бўлган муҳаббат, касбига бўлган фидойилик ёшларимиз қалбида ҳарбийлик касбига ҳавас уйғотиб, уни улуғлашга, Ватан ҳимоясига камарбаста бўлишга, акалари каби жасоратга ундашга руҳлантириши, табиий. Мана шундай инсонлардан бири – юрт тинчлиги, сарҳадларимиз осойишталиги йўлида жасорат кўрсатиб, ўз хизмат вазифасини ўташ вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган марҳум сержант Отабек Муҳаммадиевни хотирлаб, у ўқиган мактаб, вояга етган маҳалласи ва хонадонига ташриф буюрдик, уни билганлар ҳамда яқинлари билан суҳбатлашдик.

«СОДИҚ САФДОШ, ИШОНЧЛИ ДЎСТ ЭДИ»

Китоб тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи майор Жаҳонали Ғуломов ҳамроҳлигида марҳум сержант О. Муҳаммадиев ўқиган мактаб томон йўл олдик. Ёнимдагилар ўзаро суҳбатлашиб кетишяпти. Мен эса хаёлга берилдим. Отабек Муҳаммадиев билан бирга хизмат қилиш, ундан соҳа сир-асрорларини ўрганиш, панд-насиҳатларини эшитиш менга ҳам насиб этган. Ҳа, мен бу олижаноб инсон билан бир сафда хизмат қилганман. Ўша дамларни кўз олдимга келтиришга, хотирлашга уриндим.

Бу инсон ўзининг одамийлиги, кенг дунёқараши, вазифасига масъулияти, умуман, ҳар қандай вазиятда ўз ёрдамини аямаслиги билан жамоада ҳурмат топган эди. У ўз соҳасининг билимдони, тажрибали мутахассис эди. Спорт билан шуғулланиш унинг энг севимли машғулотларидан бўлган. Бўш вақтида уни фақат спорт майдончасидан топиш мумкин эди. Доимо юзида балқиб турган табассум самимиятидан дарак берарди. У фидойи, кўнгли тоза, юксак инсоний фазилатлар соҳиби эди. 2000 йилда жанубий сарҳадларимизда бир гуруҳ жангариларга қарши курашда жонбозлик кўрсатиб, юртимиз осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Ўша машъум воқеадан икки кун олдин у билан бирга тушлик қилган эдик. Кейин биз бошқа-бошқа гуруҳлар билан вазифани бажаришга жўнадик. Хайрлашиб, бир-биримизга омад тилаб кетаётганимизда у менга қараб (биз аслида битта тумандан эдик) «Қайтганимиздан кейин Китобнинг энг баланд тоғида ош қилиб бераман», деганди. Ўшанда у эндигина 24 ёшга кирганди, уйланганига эса атиги 8 ой бўлганди. Бу гап ҳали-ҳануз қулоқларим остида жаранглайди. У ана шундай олижаноб инсон, содиқ сафдош, ишончли дўст эди.

«СИЗЛАРНИНГ ЖАСОРАТИНГИЗ – БИЗЛАРГА ЎРНАК»

Ҳамроҳим «мана, мактабга ҳам етиб келдик», дея хаёлларимни тўзғитиб юборди. Пештоқига 11-умумтаълим мактаби, деб ёзилган дарвоза олдида бизни анча одам, қўлига гулдаста тутган ўқувчилар кутиб турарди. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тарбиявий ишлар бошқармаси масъул офицери майор Лочин Равшанов, туман «Нуроний» хайрия жамғармаси раиси Мелик Бурхонов, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши раиси Набижон Мажидов, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғининг ўринбосари капитан Ҳамид Жаъфаров, мактаб директори Хосият Абдиева ҳамроҳлигида таълим муассасаси ҳовлисига кирдик. Мактаб биносининг биринчи қаватида «Сизларнинг жасоратингиз – бизларга ўрнак!» номли ёдгорлик ўрнатилган. Унга Отабек Муҳаммадиевнинг мармар тошга ўйиб ишланган расми қўйилган.

– Бу ёдгорлик олдидан ҳар куни ўтамиз, – дейди 7-синф ўқувчиси Дилшод Абдуқодиров. – Ҳар сафар у кишининг кўрсатган жасоратини ёдга оламиз. Унинг қилган қаҳрамонликларидан қалбимиз фахр ҳиссини туяди. Шундай инсон туғилиб ўсган қишлоқда вояга етаётганимдан ғурурланаман. Унинг жасорати, хотираси қалбимизда мангу яшайди.

Мактаб директори Х. Абдиева Отабек Муҳаммадиев 1-синфдан 3-синфгача ўқиган ва унинг номи берилган синфга бошлади, бизни. Синфда ўқувчилар, Отабекни ўқитган ўқитувчилар ва синфдошлари ўтиришган экан. Бизни кўрган ўқувчилар ўринларидан туриб, саломлашишди. Ёзув тахтаси ёнида қаҳрамоннинг расми ва у ҳақдаги маълумотлар келтирилган катта плакат осиб қўйилган. Синфхонадаги энг охирги партада ўтирган икки нафар ёши катта аёл эътиборимни торт¬ди. Секин мактаб директоридан «булар ким?» дея сўрадим. Билдимки, уларнинг бири – Малика Муродова қаҳрамонимизни 1-синфга қабул қилган, унга ёзиш ва ўқишни ўргатган биринчи устози экан. Мастура Ваҳобова эса 4-синфдан 10-синфгача унга она тили ва адабиёти фанидан дарс берган. Улар билан узоқ суҳбатлашдик.

– Отабекнинг 1-синфга келган илк онлари ҳамон кўз ўнгимда, – дейди М. Муродова. – Пўримгина кийиниб олган, бақувватгина йигитча эди. У билим олишга жуда ҳам чанқоқ бўлган. Сабабсиз дарс қолдирмасди. Қўшимча дарсга ҳамиша қатнашарди. У жуда камтар ва уятчан, яъни тортинчоқроқ эди. Яна бир хислати у ҳамиша озода юрарди, ҳатто дафтар ва китобларини ҳам тоза тутарди. Ҳуснихати чиройли эди. Ҳарбийликда юрган кезлари таътилга келса, албатта мактабга кириб, биздан ҳол-аҳвол сўрашни, чиройли гулдаста совға қилишни унутмасди. Отабекнинг хотираси ҳамиша кўнглимиз тўрида сақланиб қолади.

Унинг синфдошлари – Зафар Азамов, Дилафрўз Эгамова, Шерзод Хидиров, Хуршида Сирожова, Суннатулло Жумановлар ҳам у ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашишди.

Мактабдаги учрашувдан катта таассуротлар олдик. У ердан чиқиб, Отабек Муҳаммадиев туғилиб, вояга етган хонадон томон йўл олдик.

«АМАКИСИНИНГ ЖАСОРАТИНИ ЭРТАК ҚИЛИБ АЙТИБ БЕРАМАН»

Бизни қаҳрамоннинг акаси Озод ака дарвоза олдида кутиб олди. Унинг ҳамроҳлигида ичкарига кирдик. Китоб тумани мудофаа ишлари бўлими ҳарбий хизматчилари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари эсдалик ва қимматбаҳо совғаларни унинг яқинларига топширди. Бир муддат ҳол-авҳол сўрашишдан кейин Отабек Муҳаммадиев болалигидан яшаган, дарс тайёрлаган хонага кирдик. Хонада унинг ҳарбий либоси илинган, жавон пештоқига суратлари териб қўйилган. Меҳмонлар ва қаҳрамоннинг яқинлари стол атрофида ўтириб, унинг суратларини томоша қилишди, Отабекнинг болалиги, инсоний фазилатлари хусусида узоқ суҳбатлашишди.

Шу пайт мактаб кийимидаги чамаси 14-15 ёшлардаги ўсмир йигитча хонага салом бериб кириб келди ва бувиси Тошбиби аянинг олдига борди. Мен ундан кўз узолмасдим. У Отабек аканинг худди ўзи эди, ҳатто ҳаракатлари ҳам. Тошбиби ая унинг юз-кўзларидан ўпиб, эркалаб «мана менинг Отабегим, у ўлмаган, энди 15 ёшга кирди», дея кўзига ёш олди. Ўтирганлар бир-биримизга қарадик. Шунда онахон кўз ёшларини артиб, секин гапира бошлади.

– Бу катта ўғлим Озоджоннинг фарзанди. Отабекжон вафот этганида у икки ёшда эди. Унинг кўзлари, юз тузилишлари худди Отабекжонимникидек эди. Шу боис Отабек ҳам уни қаттиқ яхши кўрарди. Хизматидан телефон қилганида ҳам ҳамиша биринчи бўлиб уни сўрарди, унга совғалар олиб келарди. Катта бўлгани сари амакасига ўхшаб боряпти. Унга амакисининг ҳаёти, кўрсатган жасорати, касби ҳақида кўп сўзлаб берганман. Унинг босиб ўтган қисқа, аммо шарафли ва мазмунли ҳаётини эртак қилиб айтаман.

Тошбиби ая узоқ гапирди. Ўғли Отабек Муҳаммадиевнинг туғилганидан то қаҳрамонларча ҳалок бўлган кунигача бўлган барча воқеаларни бир йиғлаб, бир кулиб, бир хўрсиниб айтиб берди. Ҳа, оналар бардошли, сабрли бўлишади. Ҳовлида чопқиллаб юрган невараю эваралари, атрофида гирдикапалак қизу келинлари, Отабекжоннинг ўрнини билдирмасдан парвона ўғиллари унинг ҳаётига мазмун бағишлашяпти.

Отабек Муҳаммадиевнинг акаси Озод Муҳаммадиев ҳам укасининг вафотидан сўнг айнан у хизмат қилган ҳарбий қисмда шартнома бўйича хизмат қилган, айни пайтда нафақада. Укаси капитан Жонибек Муҳаммадиев айни пайтда ҳам Қуролли Кучларимиз сафида акалари каби ҳарбий хизматда. Яна бир гап, 15 ёшли Зуҳриддин билан суҳбатлашганимизда унинг ҳам келажакда амакиси каби ҳарбий бўлишни мақсад қилганини билиб олдик.

Отабек Муҳаммадиев яшаган хонадондан чиқиб кетарканмиз, инсон қадри азиз, унинг жасорати мангу эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

Аҳрор ОЧИЛОВ

Сайтидаги ўзгаришлар
Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год;Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год;Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Доба