Бобуржон Ғаниев

Ватанимиз озодлиги йўлида жонини фидо қилган йигитлар орасида жасур ўғлон Бобуржон Ғаниев ҳам бор. У ёшлигида мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотида тарбия олди. Спорт билан шуғулланди.

Умрни оқар дарёга қиёслайдилар. Дарё боғ-роғларга ҳаёт бахш этади. Инсон умри эса эл-юртга хизмат қилиш, билан белгиланади. Ана шундай инсонлар номини халқимиз доимо ҳурмат билан тилга олади. Бобуржон болалигидан ҳарбий бўлишни хоҳларди. Отаси Абдуҳамид ака капитан унвонида Куролли Кучларимиз сафида хизмат қилган. Онаси ўқитувчи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мунаввархон Ғаниева Марғилон шаҳрида устоз-педагог сифатида эъзоз топган.

Истиқлолимиз, эркин ва фаровон ҳаётимизни кўролмаган бир гуруҳ террорчилар Сариосиё ва Узун туманлари тоғли қишлоқларига бостириб кириб, тинчлик ва осойишталигимизга раҳна солмоқчи бўлгани ёдимизда. Ўшанда террорчиларга қақшаткич зарба берган, Ватан ҳимояси йўлида жонини фидо қилган мард ўғлонларимиз орасида Б.Ғаниев ҳам бор эди.

... Тушдан сўнг ҳарбийларимиз Киштут дараларидан бирини назоратга олди. Тоғларга оқшом тез чўкади. Шунинг учун ҳам атрофни зулмат қопламасдан дарани кўздан кечириб, маррани эгаллаш ҳақида буйруқ олинди. Лейтенант Б.Ғаниев сафдошлари билан ҳар бир қоя, унгирни диққат билан кўздан кечира бошлади. Ўсимликларнинг топталгани Бобурда шубҳа уйғотди. У барчани ҳушёрликка чақирди. Шунда қоялар орасига пистирма қўйган душман тўсатдан ўт очди. Ўқ йўлига ғов бўлган лейтенант оғир ярадор бўлишига қарамай, қуролдошлари хафвсиз жойга ўтгунига қадар жангариларга қаршилик кўрсатди.

Ўша жангдошларининг гувоҳлик беришича, ўттизга яқин қуролланган жангари етти-саккиз гуруҳга бўлиниб ҳамла қилган. Бобур оғир яраланган бўлса-да, сўнгги нафасигача босқинчилар билан олишган.

— Б.Ғаниевдек довюрак фарзанд маҳалламизда камол топганидан фахрланамиз, — дейди Марғилон шаҳридаги «Йурмадуз» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мухторжон Ҳасанов. — «Шон-шуҳрат» ордени билан мукофотланган марҳумнинг онаси маҳалламизга кўп йиллар раислик қилган. Қаҳрамоннинг акалари — Бахтиёр ва Баҳодиржонлар ҳарбий хизматчи, Баҳромжон эса шифокор, опаси Гавҳарой — ҳуқуқшунос.

Бобуржон яшаган хонадонда «Камолот» ЁИҲ ташаббуси билан уй-музейи ташкил этилиб, ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган. Шу кўчага Бобуржон Ғаниев номи берилган.

Б.Ғаниев ўқиган 13-мактаб фахрий ўқитувчиси Равила Асророва шундай дейди:

— Бобуржон фаол, ҳаракатчан ўқувчи эди. Дарс машғулотларида кўплаб саволлар берар, билмаганларини сўраб суриштирарди.

Ўқитувчилардан яна бири Нина Рязанова қалб сўзларини қуйидагича изҳор этади:

— Бобуржон бўш вақти бўлди дегунча мактабга, мени у ерда тополмаса, уйимга гул кўтариб келарди. Фақат менга шундай қилса керак, деб ўйлардим. Кейин билсам ҳамма ўқитувчиларни, унга мактаб, коллеж, олийгоҳда илм берганларни ана шундай эъзозлар экан.

— Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш фаолиятимизнинг асосини ташкил этади. Бобуржон бизнинг спорт-техника клубимиз курсанти эди. У ҳарбий мутахассисликни эгаллашга жон дилидан қизиқарди, — дейди мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти шаҳар кенгаши раиси Ваҳобжон Парпиев.

Ватан ҳимоячилари байрами нишонланаётган шу кунларда Бобуржон Ғаниев уй-музейига мактаб, коллеж ўқувчилари ташриф буюриб, унинг ҳаётига оид экспонатлар билан танишдилар. Зеро, халқимиз осойишталиги, юртимиз тинчлиги йўлида азиз жонини қурбон қилган жасур ўғлонлар хотираси ҳеч қачон унутилмайди.

Муҳаммаджон Маҳмудов

Сайтидаги ўзгаришлар
Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год;Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год;Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Добавления в 2013 год; Доба